- Yangiliklar
18/01/2022
14:18
1664
Шу йилнинг 18 январь куни Тошкент шаҳридаги Lotte Tashkent меҳмонхонасида Ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш марказининг амалга оширилган ишлари ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси, давлат ташкилотлари, жамоат бирлашмалари ва халқаро ташкилот вакиллари иштирок этди.
Ҳудудларни иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашиш маркази 2018 йилда ёш олим ва амалиётчилар томонидан ташкил этилган бўлиб, асосий мақсади ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш борасида янги илмий асосланган таклифларни ишлаб чиқиш ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига яқиндан ёрдам беришга қаратилган. Бугунги кунда марказнинг бешта ҳудудда: Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона , Хоразм, Самарқанд ва Тошкент вилоятларида филиаллари фаолият юритмоқда.
Тадбир жараёнида марказ томонидан 2018 йилдан бугунги кунгача амалга оширилган ишлари тўғрисида ахборот берилиб, унда 10 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилгани, мазкур лойиҳалар доирасида ҳудудни иқтисодий ривожлантириш стратегияси ишлаб чиқилгани, ёшларни рақамли тадбиркорликка жалб этилганлиги, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти тўғрисида электрон журнал яратилганлиги, Хоразм вилоятида иқтисодий дастурларни ижросини мониторинг этилганлиги каби ишлар амалга оширилган.
Бундан ташқари, марказ БМТнинг тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Наманган ва Тошкент вилоятларида яшил иқтисодиётни ривожлантириш борасида лойиҳа амалга оширилди. Шу билан бирга Олий Мажлис ҳузуридаги жамоат фонди томонидан ижтимоий буюртма асосида Марказга грант ажратилди. Мазкур грант лойиҳаси доирасида, Бухоро ва Самарқанд вилоятларида ёшларни туризм йўналишидаги тадбиркорликка жалб этиш мақсадида “Туризм бизнес инкубаторлари” ташкил этилмоқда.
Давра суҳбати доирасида Марказнинг 2022 йилга мўлжалланган дастури билан таништирилди. Бунга асосан, марказ ва унинг ҳудудий филиаллари олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ҳудудларни иқтисодий ривожлантириш масалаларига бағишланган 15 та мавзуда илмий тадқиқот ишлари амалга оширилиши режалаштирилган. Шу билан бирга, 2022 йилда марказ томонидан тегишли давлат органлари билан ҳамкорликда “Ҳудудларда яшил иқтисодиётни ривожлантириш” ва “Маҳаллий вакиллик органларини ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришдаги ўрнини ошириш” мавзуларида лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.
Copyright © 2026 - Barcha huquqlar himoyalangan.
Sayt test rejimida ishlamoqda.
Muallif: abduhalilbek